29 Yak, 2020

ЯШИЛ ҚУТИ

Жуда кичкиналигимда чойдан бўшаган яшил қутим бўларди. Унинг ичига ҳеч нарса солмасдим-қути доим бўш турарди. У менинг қўғирчоқларимни “тирилтирадиган” сеҳрли қути эди. Қўғирчоқларим “қаригач” уларни шу қутига солиб, “Абракадабра”га ўхшаш жодугар сўзларни пичирлаб айтардим. Шуниси бор эдики, тилим келишмайдиган сўзларни ўзим ўйлаб топар ва улар кейинги сафаргача доим эсимдан чиқиб қоларди ва мен яна бошқатдан бундан-да мураккаброқ сўзларнитилимда айлантиришга мажбур бўлардим. Қизиғи, ҳар гал ҳам бу сеҳрли сўзлар иш берар, қўғирчоқларимга қайта “жон кирарди”.

Кейинроқ – сал катта бўлганимда, албатта, мен уларни ташлаб қўйдим ва буткул унутдим. Бир сафар қазноқдан эски китобларимни қидираётиб, яшил қутимни топиб олдим. У ғубордан анча эскирган эди, бироқ уни қўлимга тутишим билан унда тирилган қўғирчоқларим ёдимга тушди. Қутини китоблар билан бирга қазноқдан олиб чиқдим. Дарс столим устидан жой олган бу қутига энди “Пандора қутиси” деб ном бердим. У кейин ҳам бўш турди, унинг ичига ҳеч нарса солиб қўймадим -  яшил қути  менинг сирдошимлигича қолди. Унинг қопқоғини очиб пичирлаб айтган тилагим албатта рўёбга чиқарди. Ундаги мўъжизавий кучи нимадан иборат эканини билмас ва билишни истамас ҳам эдим. Аввалига орзуларим амалга ошганидан қувониб юрдим, бироқ уларни рўёбга чиқараётган омил ҳақида бировга айта олмасдим – энг алам қиладигани ҳам шу эди. Натижада орзуларим сабаб қўлга киритган бир дунё буюмлар, кийимлару узоқ кутилган сайру саёхатлар ҳам мени у қадар хурсанд қилмайдиган бўлди. Моддийлик мени хурсанд қилолмаслигини билгач,бир гал  мен қутидан ота-онам менга эътиборли бўлишларини тиладим. Шу куни кечаси қаттиқ иситмаладим ва чиндан ҳам ота-онам тонггача менинг ёнимдан кетишмади. Шу воқеадан сўнг асл орзулар йўқотиш ёки оғриқ орқалигина амалга ошаркан, деб ўйладим. Бахт нашидаси у ҳақдаги орзу ва хотирадагина гўзал бўлиши, ушбу икки туйғу ўртасидаги ҳақиқий онлар эса фақатгина вақт салмоғидан иборатлигини ўшандаёқ тушуниб етганман.Бориб-бориб амалга ошаётган тилакларим натижасидан шодланмай ҳам қўйдим, чунки мен уларнинг асл омили, амалга оширгувчиси бўлмиш яшил қутининг мавжудлиги ҳақида бировга гапиролмасдим, назаримда, мени қувонтира оладиган ягона бахтим – шу қутида, унинг сеҳрида эди, холос.

          Йиллар ўтди. Назаримда, катта бўлганим сари ўзим ҳам, менинг орзуларим ҳам бу қутига сиғмай қолдик ва ёки мен унинг мўъжизаларига ишонмай қолгандирман. Яшил қути болалигим ўтган уйда қолиб кетди. Ҳар сафар у ерга борганимда қутини гох ошхонада – бўғзигача чой ёки зиравор тўлдирилган ҳолда, гохида бу уйда яшовчи эрка қизнинг соллона тақинчоқлари банд қилган пардоз ашёси сифатида, яна бир гал эса гултувак вазифасини ўтаётган пайтида учратдим. Ҳар гал уни “эгаллаб турган хизмат вазифасидан озод қилиб” олар ва бирор пана жойга яшириб қўярдим, бироқ бирор марта бўлсин уни ўзим билан олиб кетишга жазм этмадим. Чунки ҳар гал унга кўзим тушиши билан ёшликдаги орзуларим ёдимга тушар ва худди у кўриб ё ҳис этиб тургандек,  бугунги ҳаётим, ундаги ғариб орзуларимдан уялардим. Майдалашиб кетган, бўлакланган тушунчаларим, тасаввурларим гўё кесилмаган бута каби шохлаб кетганди. Бироқ бир зумда, бир тахлика янглиғ буларнинг барчаси ўзгарди.

         Асли менҳам бошқалар қатори шу юртда яшаб туриб уруш ва қахатчилик, оғир кунларни бошимдан кечирмаганман. Оммавий қирғин, табиий офатлардан зарар кўрмаганман, улар туфайли оғриқлар, қийинчилик, тушкунлик ва саросимани ўз танамда хис этмаганман. Бироқ қирғинлар ҳақида, бу каби қазолардан азоб чеккан ўзга инсонлар ўйларини юрагим орқали ҳис этиб, булар ҳақида ёза оламан, аммо улар ўйлаб қарасам, айнан ўз юрагимда туғилмагани учун бўлса керак, сунъий туйғу, сунъий ақл натижаси бўлган экан. Буни аввал тушунмагандим албатта. Бугунги кун, бугунги ҳолат – бутун дунёга Эпидемия хавф солаётган пайт мени буткул ўзгартириб юборди. Билишимча, кўпчиликни ўзгартирди. Одамлар бир-бирларига меҳрибонроқ, инсонпарварроқ бўлиб қолгандек, гўё. Кеча бозорда  жисмонан бир оз нуқсонли аёл ўғли билан ун махсулоти сотилаётган узун навбатга келиб қўшилиши билан олдинда турганлар ўз навбатларини уларга бажонидил беришди. Гап-сўзсиз. Хайдовчи машинасидаги йўловчиларни бир сўм ортиқча пул олмасдан уй-уйларига элтиб қўймоқда. ДАН ходими оғир сумка кўтарган кекса кишини қўлидан тутиб йўлдан олиб ўтиб қўйяпти, бошқа биров эса уни машинага ўтқазиб, кекса киши учун йўл хаққини тўлаяпти. Ота-онаси билан бекатда ўтирган 14 ёшлардаги қиз 9 ёшлардаги укасини қучоғига олиб унинг юзидаги ниқобини қайтадан боғлаяпти. Назаримда, атрофдаги одамлар бир-бирларига эътибор, қадр кўрсатишяпти. Тобора кўпроқ. Яхшироқ. Шу пайт кўпчилик, асосан кекса ёшдаги инсонларнинг қадр ва эхтиром ҳақидаги гап-сўзлари ёдимга тушди. “Уруш пайтлари ва ундан кейин - қахатчилик ва оғир пайтларда одамларнинг бир-бирига оқибати кучли эди. Каттаю кичик бир-бирига меҳрибонроқ ва олийжаноброқ эдилар”. Бундай фикрларга асло эътирозим йўқ. Чиндан ҳам шундай бўлгандир. Бироқ бугунги кишиларда ҳам шундай хислатлар бор, мавжуд. Жасур аждодларининг қони улардан асло кам бўлмаган авлодлар томирида ҳам оқмоқда. Асли одамларни бирлаштирадиган, жасурликка даъват этадиган куч умумий ғовлар, умумий фалокатлардир. Инсоният ҳаловати, келажагига нифоқ солувчи, зарар келтириши мумкин бўладиган жамики халокатлар, қачонки улар барчага бирдек хавф солса, офат келтирса – шу нуқтада одамлар бирлашадилар, умумий душманга қарши курашиш учун қалблари ва кўзларини бошқалар учун ҳам очадилар.  Ҳамдардга айланади улар, рахму шафқат, олийжаноблик юзага чиқа бошлайди. Аслида ҳам ҳар қандай балою қазони куч ва бирликдагина енгиш мумкин.

Негадир менинг болалигимга айланган ўша яшил рангли бойлигим – “Пандора қутиси” шу кунлар яна ёдимга тушди, уни  қидирдим, лекин топа олмадим. Балки йиллар увадага айланган хотирасига яширгандир, лекин аниқ биламан – уни йўқотганим йўқ эди. Тилакларни амалга оширувчи яшил қути ҳозир қанчалар зарур менга. Бир пайтлар жонсиз қўғирчоқларимни “тирилтирган” жодугар қутичам балки тирикларни ўлимдан, касалликдан қутқариб қолармиди. Менга ҳақиқий бахт орзунинг ўзида ва у ҳақдаги хотирада мужассам экани, воқеалар жараёни эса вақт салмоғи остида қолиб кетиши ҳақидаги ҳақиқатни англатган яшил қути одамларга ҳам бугунги кун тўғрисида сабоқ берармиди, деб ўйладим. Инсонларни ташвишга солган бугунги воқеалар вақт ўтиши билан унут бўлиши, фақатгина одамларнинг ўзаро аҳиллиги, бир-бирларига бўлган ҳурмат ва эхтироми, инсонийлигигина ёдда қолишига ишонтирарди албатта менинг яшил қутим. Бу сафар мен унинг мавжудлиги, сеҳрли хислатини  асло яшириб ўтирмаган бўлардим одамлардан. Фақат орзуларда эхтиёт бўлишни эслатардим уларга.

Мен дунёда тилсимотлар мавжудлигига ишонаман. Биз тасаввур қила олмайдиган сеҳрли олам ва менинг ёшликдаги яшил қутим каби жодуга эга бўлган буюмлар борлигига ҳам шубха қилмайман. Агар бу дунёда сеҳр бўлмаганда биз инсонлар мўъжизаларга ишониб яшармидик? Бироқ асл ҳаётдаги улкан куч – одамлар бирлигига етадиган сеҳру жоду топилармикан етти оламда? Албатта йўқ. Мен эса бошқа гал “Пандора қутиси” воқеаларини сўзлаб беришда давом этаман ва ишонаманки, яшил қутичам болалигим ўтгануйнинг қайсидир бурчагида мени кутиб турибди, бу сафар ундан қандай тилак тилашни энди яхши биламан.

 Сабоҳат Раҳмонова.